Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Ўзбекистон янгиликлари

Муҳтож оилаларга моддий ёрдам пули берилади, нафақалар миқдори 10 фоизга оширилади

Муҳтож оилаларга моддий ёрдам пули берилади, нафақалар миқдори 10 фоизга оширилади
31.07.2020

Жаҳон миқёсида, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам қатъий карантин чоралари киритилгани, энг аввало, иқтисодий фаолликнинг ва аҳоли даромадларининг пасайишига олиб келмоқда.

Айниқса, жорий йилнинг иккинчи чорагида иқтисодий вазият дунёнинг барча мамлакатларида кескин ёмонлашди. Ривожланган мамлакатларда ялпи ички маҳсулотнинг пасайиши 10-20 фоизни, ривожланаётган мамлакатларда эса 7-15 фоизни ташкил этди.

Халқаро иқтисодий интеграция жараёнларига фаол кириб бораётган Ўзбекистон иқтисодиёти ҳам глобал муаммолардан зарар кўрмоқда. Инқирозга қарши кўрилган қатъий ва амалий чора-тадбирлар эвазига 6 ой якунлари билан Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 0,2 фоизга ўсди.

Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлган шахслар иш жойларини вақтинча йўқотдилар, хориждан 200 мингдан ортиқ ватандошимизнинг олиб келиниши ишсизлар сонини кўпайтирди.

Бундай мураккаб шароитда аҳолини, айниқса, унинг эҳтиёжманд қатламини ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлаш масаласи давлатнинг биринчи даражали эътиборида турибди.

Шу мақсадда, 30 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Фармон қабул қилди.

Фармонга биноан:

Биринчидан, пандемия шароитида моддий ёрдам ва кўмакка муҳтожлар рўйхатига киритилган ва аъзолари 1,7 миллион нафардан ортиқ бўлган 400 мингдан кўпроқ оилаларга республика бюджетидан бир марталик моддий ёрдам пули берилади. Бунга республика бюджетидан қўшимча 380 миллиард сўм ажратилади.

Иккинчидан, муқаддас Қурбон ҳайити байрами арафасида халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятларини намоён этадиган муҳтожлар ҳолидан хабар олиш анъанасини давом эттирган ҳолда, жойлардаги “Саховат ва кўмак” жамғармалари орқали 220-250 минг оилага республика бюджетидан жами 200 миллиард сўм ажратилади. Бунинг натижасида 1 миллиондан ортиқ аҳоли нақд пул, озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон билан таъминланади.

Шунингдек, ушбу улуғ айём кунлари “Вақф” хайрия жамоат фондини қўллаб-қувватлаш мақсадида республика бюджетидан 150 миллиард сўм ажратилади. Ушбу маблағ жамиятимизда тинчлик, дўстлик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик ғояларини кенг тарғиб этиб келаётган диний соҳада хизмат қилаётган вакилларни моддий рағбатлантириш учун йўналтирилади.

Учинчидан, коронавирус пандемиясига қарши курашишда фаол иштирок этиб, ҳаётини хавф остига қўйиб жонбозлик кўрсатаётган тез тиббий ёрдам бригадаларининг шифокорлари, ҳамширалари, кичик тиббий ходимлари ва ҳайдовчиларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш учун 100 миллиард сўм ажратилади. Бунинг эвазига 26 минг оиланинг моддий аҳволи яхшиланади.

Юқоридаги чоралар ҳисобига Ўзбекистондаги 652 минг оилага моддий ёрдам кўрсатилади.

Бундан ташқари, қабул қилинган Фармонда пандемия даврида ижтимоий нафақа олувчилар сонини кескин ошириш кўзда тутилмоқда. Жумладан:

икки ёшгача бўлган бола парвариши бўйича нафақа олувчи эҳтиёжманд оналар сони ҳар ойда 14-15 мингтага оширилиб, декабрь ойида 400 мингтагача етказилади ёки йил бошига нисбатан қарийб 1,5 баробарга кўпайтирилади;

14 ёшгача болалари бўлган нафақа олувчи оилалар сонини йил бошига нисбатан 2,5 баробардан ортиққа ошириб, уларнинг сони декабрь ойида 700 минггача етказилади;

кам таъминланган оилаларга бериладиган моддий ёрдам олувчилар сони йил бошига нисбатан 1,5 баробарга оширилиб, 100 мингтага етказилади.

Умуман олганда, ижтимоий нафақа олувчиларнинг умумий сони 600 мингга кўпайиб, жорий йилнинг декабрь ойида 1,2 миллионга (мамлакатдаги жами оилаларнинг қарийб 14,1 фоизи) етказилиши кўзда тутилмоқда ва бунга бюджетдан қўшимча 426 миллиард сўм ажратилади.

Ўзбекистонда камбағал оилаларнинг умумий сони республикадаги жами оилаларнинг 12-15 фоизини ташкил этишини инобатга олсак, ижтимоий нафақа механизми билан йил охирига бориб мамлакатдаги барча камбағал оилаларнинг ҳар бир қатлами тўлиқ қамраб олинади.

Бунга юқорида айтиб ўтилган бир марталик моддий ёрдам олувчи оилалар сонини қўшсак, давлатдан молиявий кўмак оладиган оилаларнинг сони сезиларли даражада кўпаяди.

Фармонда, шунингдек, кекса ёшдаги ҳамда ногиронлиги бор шахсларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб пенсиялар, болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақалар миқдори 10 фоизга оширилиши кўзда тутилмоқда.

Бу эса, жорий йил январь-июль ойларидаги инфляция кўрсаткичларидан 4,3 фоиз юқоридир.

Бу 2,8 миллион кекса ёшдаги фуқароларни, 687 минг нафар ногиронлиги бўлган шахсларни, 210 мингдан ортиқ боқувчисини йўқотган шахсларни пандемия даврида моддий қўллаб-қувватлаш имконини беради.

Бунда, ўртача пенсия миқдори 764 минг сўмдан 841 минг сўмгача ошади.

Болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа миқдори амалдаги 466 680 сўмдан 513 350 сўмгача кўпаяди.

Шунингдек, пенсия тайинлаш учун зарур иш стажига (7 йил) эга бўлмаган, ҳаёти давомида Пенсия жамғармасига умуман бадал тўламаган 37,5 минг нафар кекса фуқарога бериладиган нафақа ойига 315 030 сўмгача оширилади.

Фармонда кўзда тутилган аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларига 2020 йилнинг охиригача бюджетдан жами қўшимча 2,5 триллион сўм йўналтирилиши кўзда тутилмоқда.




  • 113