Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Ўзбекистон янгиликлари

Хотин-қизларнинг иқтисодий ҳуқуқларини кенгайтириш масаласи муҳокама марказида

Хотин-қизларнинг иқтисодий ҳуқуқларини кенгайтириш масаласи муҳокама марказида
27.10.2020
Сенат Раиси Танзила Норбоева раҳбарлигидаги Ўзбекистон делегацияси АҚШ Давлат департаменти томонидан виртуал форматда ташкил этилган “Хотин-қизлар иқтисодий ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш бўйича ҳаракатларга даъват" (Call to Action on Women’s Economic Empowerment) мавзусидаги халқаро форумда иштирок этди.

Форум давомида иштирокчилар хотин-қизларнинг иқтисодий ҳуқуқларини кенгайтириш, шунингдек, бутун дунёда аёл тадбиркорларга ўз имкониятларини рўёбга чиқариш учун тенг шароит ва имкониятларни тўлиқ яратиш масалаларини муҳокама қилдилар.

Тадбирда Ўзбекистон, АҚШ, Албания, Буюк Британия, Венгрия, Вьетнам, Ҳиндистон, Колумбия, Кот-Д’Ивуар, Марокаш, Маршалл ороллари Республикаси, Руанда, Сан-Марино ва Эстония (жами – 14 та мамлакат) ҳукуматлари ва парламентларининг юқори мартабали вакиллари иштирок этди. Ушбу мамлакатларнинг Вашингтонда аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари бевосита форумда иштирок этиш учун АҚШ Давлат департаментига таклиф этилди.

АҚШ томонидан давлат котиби Майк Помпео, президент маслаҳатчиси Иванка Трамп, миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Роберт О'Брайен ва АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Келли Крафт иштирок этди. Маросимни Давлат департаментининг Хотин-қизларнинг глобал масалалари бўйича идораси раҳбари, алоҳида топшириқлар бўйича элчи Келли Кюрри олиб борди.

М.Помпео Оқ уй раҳбарияти номидан барча делегатларга форумда иштирок этаётганлиги ва ўз мамлакатлари ҳукуматларининг хотин-қизларга жаҳон иқтисодиётини ривожлантиришда эркин иштирок этиш имкониятларини тўлиқ яратиш бўйича саъй-ҳаракатлари учун ўз миннатдорчилигини билдирди. У Қўшма Штатлар ҳамкор мамлакатларнинг Вашингтон ташаббусини қўллаб-қувватлаётганидан фахрланади ҳамда тинчлик ва тараққиётнинг умумий қадриятларини тарғиб қилиш ишида мамлакатлар бош бўлганлигини унутмайди деб таъкидлади.

Президент маслаҳатчиси И.Трамп қайд этишича, БМТга аъзо давлатлар орасида тарғиб қилинаётган ва АҚШнинг глобал миқёсда хотин-қизлар камолотига эришиш ташаббуси тамойилларига асосланган хотин-қизларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш бўйича ҳаракатларга даъват АҚШ ва 31 та мамлакатнинг бутун дунёда хотин-қизларга иқтисодий имкониятлар тақдим этишга содиқлиги эътирофидир.

– Америка Қўшма Штатлари Президентининг Миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Р.О'Брайен таъкидлаганидек, форум хотин-қизларнинг иқтисодий жараёнларда тўлақонли ва монеликсиз иштирок этишини таъминлаш орқали жаҳонни барқарор ривожлантириш мақсадларига иштирокчи давлатларнинг қатъий содиқлигини намоён этади. Хотин-қизларнинг иқтисодий ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш АҚШ ташқи сиёсатининг ва миллий хавфсизлик стратегиясининг асосий йўналиши ҳисобланади, – дейди маслаҳатчи.

Сенат Раиси Т.Норбоева ўз нутқида хотин-қизларнинг Ўзбекистон сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётидаги иштирокини фаол қўллаб-қувватлаш республика ҳукуматининг асосий вазифаси ҳисобланишини таъкидлади. Шунингдек, кейинги вақтда мамлакатни янада ривожлантириш учун ҳаётий муҳим қарорлар қабул қилиш жараёнида хотин-қизларнинг ролини сезиларли даражада оширишга қаратилган бир қатор ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Форум якунлари бўйича Хотин-қизларнинг иқтисодий ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш бўйича ҳаракатга даъват номли ҳужжатни расмий имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Ҳужжатда инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилишни рағбатлантириш, глобал иқтисодиётнинг гуллаб-яшнаши ва барқарорлигида хотин-қизларнинг тўлақонли иштирок этиши ва етакчилик қилишининг асосий ролини тасдиқлаш ҳамда фуқаролик жамиятининг иштирокини ва у билан ҳамкорликни кенгайтириш назарда тутилади.

Унда хотин-қизлар ҳолати, тинчлик ва хавфсизлик бўйича Тўртинчи Бутунжаҳон конференциясининг 25 йиллиги арафасида БМТ Низомига содиқлик ва гендер тенгликни тарғиб қилиш, шунингдек, хотин-қизларнинг таълим олиши ҳамда касбий тайёргарлиги, хотин-қизларга нисбатан ҳар қандай кўринишидаги зўравонлик билан боғлиқ мавжуд ва юзага келаётган муаммоларни ҳал этиш қайд этилган.

Даъват БМТ тизимида уч ўлчов бўйича хотин-қизларнинг иқтисодий ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилади. Биринчи кадр ресурсларини ривожлантириш ва уларнинг кўникмаларини шакллантириш, иккинчи тадбиркорлик ва капиталдан фойдалана олиш, учинчи хотин-қизларнинг иқтисодий ҳаётда иштирок этиши учун қулай муҳит яратиш.

Бундан ташқари, шартномани имзолаган мамлакатлар хотин-қизларнинг иқтисодиётда тўла ва эркин иштироки йўлидаги ҳуқуқий, меъёрий ва бошқа тўсиқларни олиб ташлаш, шу жумладан, аёлларнинг муассасалар имкониятларидан фойдаланиш ва капитал олиш, мулкка эгалик қилиш ҳамда уни бошқариш, эркин саёҳат қилиш ва эркаклар билан бир хил соҳаларда ишлаш имкониятларини яратиш зарурлигини таъкидламоқда.

Гендер тенгликни амалга ошириш, барча хотин-қизларнинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш, бу борадаги тўсиқларни бартараф этиш, кенг қамровли ва адолатли сифатли таълимни таъминлаш, мазкур йўналишдаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳам ҳужжатнинг асосий бандларига айланди.

Давлат департаменти билан эришилган келишувга мувофиқ Ўзбекистон Қўшма Штатлар ташаббусини қўллаб-қувватлаган давлатларнинг асосий гуруҳига аъзо бўлди. Мурожаатномани виртуал режимда мамлакатимиз номидан Сенат Раиси имзолади.

photo_2020-10-26_17-39-04.jpg



  • 199