Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Ҳокимият янгиликлари

САРДОБАГА ҲАЁТ ҚАЙТМОҚДА

31.07.2020

Тошкент вилояти ҳокимлиги зиммасига Сардоба сув омборидаги тошқиндан талофат кўрган бир неча уй-жойларни таъмирлаш вазифаси қўйилган эди. Ушбу аҳоли яшаш жойлари Оқолтин туманидаги “Шодлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида бўлиб, бугун бу ерда қурилиш ишлари қизғин олиб борилмоқда.

Амалга оширилаётган бунёдкорлик тадбирларини кўриб, ишлар якуний босқичга кирганлигига гувоҳ бўлиш мумкин.

Ҳукуматимиз топшириғига кўра, Тошкент вилояти зиммасига тошқиндан талофат кўрган 17 гектар майдондаги 128 та хонадонларни таъмирлаш вазифаси юклатилган. Бунинг учун вилоят “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси томонидан 34 миллиард 687 миллион сўмлик маблағ сарф этилиши кўзда тутилган бўлиб, бугунги кунда 8 та қурилиш-пудратчи ташкилоти бунёдкорлик юмушларида иштирок этмоқда.

Ҳозирги кунда уйларнинг аксарият қисмида таъмирлаш ишлари якунига етмоқда. Хусусан, 38 та уйда 90 фоиз таъмирлаш ишлари амалга оширилган бўлса, 90 та уй тўлиқ таъмирлаб бўлинган, 85 та уй эса фойдаланишга топширилган.

Бунёдкорлик ишларини кўриб, кишининг кўзи қувонади. Аҳоли яшаш пунктлари нафақат ўз ҳолига қайтмоқда, аксинча, янгиланиб, тобора чиройли қиёфага кирмоқда.

Аммо уйларни таъмирлаш жараёнларида бир қатор камчиликларга ҳам йўл қўйилаётганлиги маълум бўлди. Масалан, 92, 93-уйларнинг ювиниш хоналарида деворлар тўлиқ тозаланиб, демонтаж қилинмасдан, кафел териш юмушлари олиб борилмоқда. Хоналарнинг ички оралиқ деворларига ўрнатилган эшиклар атрофи махсус кўпиклар билан тўлдирилмасдан, тахталар билан ёпилган.

Ёки 96, 97-уйларда ҳам худди шундай камчиликлар кўзга ташланади. Уйларнинг ювиниш хоналаридаги деворлар тўлиқ тозаланмаган, кафел теришга ҳам киришилмаган. Иситиш тизимидаги полиэтилен қувурларини деворлар орасига ўрнатишда лойиҳа талаблари бузилишига йўл қўйилган. Шунингдек, хоналарнинг ички оралиқ деворларига ўрнатилган эшиклар атрофи махсус кўпик билан тўлдирилмасдан тахталар қоқилган. Бундан ташқари, уйларда қурилиш-монтаж ишлари тўхтаб қолган.

Бундан ташқари, 94, 95-уйларнинг томларига тарновлар ўрнатилмаган. Уйларнинг ташқи тарафидаги кафеллар ҳам тўлиқ терилмаган. Хоналарнинг иситиш тизимидаги полиэтилен қувурларининг деворлар орасига гилзалар қўйилмаган ва клипсаларнинг 400-450 мм. ўлчамлиси ўрнига 550-600 мм.лиги ўрнатилган. Лойиҳа талабига кўра, полиэтилен қувурлар полдан 100 мм.ли баландликда ўрнатиш кўзда тутилган, лекин амалда улар полнинг устига жойлаштирилган. Оқибатда лойиҳа талаблари бузилган.

Самарқанд вилояти ва Тошкент вилояти қурилиш назорати инспекциялари, Тошкент вилояти “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси ва “Назар ҳамкор қурилиш қурилиш” масъулияти чекланган жамияти пудратчи ташкилоти мутахассислари томонидан аниқланган камчиликларни бугунги кунда бартараф этишга киришилган.

Албатта, камчиликлар тузатилиб, барча ишлар ниҳоясига етказилади. Қурувчиларнинг шижоати, олиб борилаётган ишлар кўлами шундан далолат. Энг асосийси, бунинг учун ҳамма шарт-шароит ва имконият етарли. Муҳими, ёғин-сочинли кунларга қолмасдан, белгиланган пайтда уйларни эгаларига топшириш. Бугун бу ерда барча куч ва имкониятлар шунга сафарбар этилган.

Қувонарлиси, тикланаётган ҳудудда кўркам бинолар, таълим масканлари, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари тобора замонавий тус олмоқда. Оқолтинликларнинг яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида кўча ва объектларга кўплаб ёритиш чироқлари ўрнатилди. Эндиликда уларнинг азалий орзуси бўлган табиий газ ҳар бир хонадонга кириб бораяпти. Амалга оширилаётган барча бунёдкорлик тадбирлари натижасида бу ерга ҳаёт яна қайтиб келаётганини аҳоли ҳам эътироф этмоқда.




  • 113